Молия вазирлигидан маълум қилишларича, унда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат секторининг “Йил тарғиботчиси” номинациясини қўлга киритди. Айтиш жоизки, бу эътироф давлатимиз ривожланиш стратегияси негизида ДХШ дастурининг катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.
Тадбирда ушбу нуфузли мукофотни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов қабул қилиб олди.
Бундан ташқари, энг яхши коммунал хизматлар лойиҳаси номинациясида иккита лойиҳа финалчилар қаторига киритилган: БААнинг “Masdar” компаниясининг 457 мегаваттли “Шеробод ҚЭС” ДХШ лойиҳаси ва “Veolia Energy Tashkent” МЧЖнинг Тошкент шаҳар иситиш тармоғини ишлатиш, техник хизмат кўрсатиш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳаси.
Тантанали маросимда 2021-2022 йиллар “The Partnership Awards” мукофот ғолиблари эълон қилинар экан, ушбу тадбир жамоа ва ташкилотлар томонидан амалга оширилган ҳамкорлик ва лойиҳаларни нишонлаш учун ДХШ соҳасининг барча жабҳаларидан юқори лавозимли вакилларини бир мақсадга бирлаштирди.
Маълумот ўрнида, “Partnershis Awards” (Шериклик мукофоти) мукофоти соҳадаги мукаммалликни эътироф этишнинг энг катта ва энг нуфузли соврини ҳисобланади. “Partnershis Awards” муҳим аҳамиятга эгалиги шундаки, улар энг кучли танқидчилар томонидан баҳоланади. У давлат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, бошқариш ва сақлаш учун шериклик алоқаларини ўрнатадиган давлат ва хусусий сектор раҳбарларига муҳим маълумотларини тақдим этади.
“Partnershis Awards” мукофотини 2018 йилда Бангладеш, 2017 йилда Мельбурн ва 2016 ва 2014 йилларда эса Филиппин қўлга киритган.