Тадбир Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доираларининг ўзаро яқинлашиши ҳисобига Покистон бизнеси билан муштарак манфаатларнинг янги кесишмаларини аниқлашга ва икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини белгилашга қаратилган тўғридан-тўғри мулоқотни ўрнатиш учун имкониятлар яратди.
Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доираларининг истиқболли тармоқларда ҳамкорликни кенгайтиришга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётгани, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани қайд этилди. Ушбу шароитлар бир томондан Покистон компанияларининг юқори даражадаги саноат ва технологик ривожланганлиги, иккинчи томондан Ўзбекистон иқтисодий салоҳият ва катта истеъмол бозорининг мавжудлиги, шунингдек, мамлакатда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай муҳит ҳисобига шаклланган. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳудудидан нафақат МДҲ мамлакатлари бозорларига, балки 2021 йилда Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олган мамлакат сифатида, Европага ҳам тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкони борлиги таъкидланди. Шунинг ҳисобига, Ўзбекистонда покистонлик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар сони сўнгги 5 йил ичида қарийб 6 баравар кўпайди. Ишбилармон доиралар кимё, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳаларда муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ҳукуматнинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий капитални ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат ҳудудлари ва тармоқларининг инвестициявий ва саноат салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган изчил ишларни давом эттиришга қатъий нияти борлигини билдирди. Умуман олганда, бу Покистон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорида иштирокини кенгайтиришга ёрдам беради.
Суҳбатда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ва бошқа соҳаларда инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва фойдаланилмаган захиралар очиб берилди.
Ўзбекистон томони, шунингдек, покистонлик тадбиркорларни Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда юзага келадиган барча масалаларни ҳал этишда Ҳукумат уларни тизимли ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигига ишонтирди.
Тадбир давомида Покистон томонидан қатнашган иштирокчилар ҳам сўзга чиқиб, ўз бизнеси ва ишлаб чиқаришининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўзлаб бердилар ва ўзбек тадбиркорлари билан саноат кооперацияси ва савдо муносабатларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳақида фикрлари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, улар у ёки бу соҳада хорижий инвесторларни жалб этиш учун яратилган шарт-шароитлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар тўғрисида саволлар бериш имконига эга бўлдилар. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари саволларга атрофлича жавоб бердилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.