Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд сўзга чиқди. Делегациялар раҳбарлари икки давлат ўртасида турли соҳа ва тармоқларда ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганини, шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Покистон ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш долзарблигини таъкидладилар.
2021 йилда товар айирбошлаш ҳажмини 50 фоизга кўпайтиришга эришилганлиги, жорий йилнинг икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилги кўрсаткичдан 70 фоизга ошгани маълум қилинди. Инвестициявий ҳамкорликдаги муваффақиятлар ҳам алоҳида таъкидланди, жумладан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баравар кўпайди.
Қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама савдони жадаллаштиришни назарда тутган ҳолда икки мамлакат ҳукуматларининг Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини ошириш борасида улкан салоҳият борлиги қайд этилди.
Форум давомида икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва йирик компаниялари раҳбарлари томонидан тақдимотлар ўтказилиб, унда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва келгусида ўрганиш учун истиқболли лойиҳалар таклиф этилди. Ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари «G2B» ва «B2B» тарзида бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинди.
Тадбир якунида Ўзбекистон ва Покистон делегациялари раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда инвестор ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содиқликларини билдирдилар.
Форум натижалари бўйича умумий қиймати 797 миллион долларлик савдо шартномалари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама битимлар имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.