Учрашув аввалида мамлакатимиз етакчиси ушбу нуфузли кўп томонлама молиявий институт раҳбарини лавозимга киришгани билан самимий табриклади.

Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан стратегик шериклигини кенгайтиришнинг амалий масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда банк билан кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Амалдаги ва истиқболли қўшма лойиҳалар портфели 7 миллиард доллардан ошди. Ўтган йилнинг ўзида молиялаштириш ҳажми 1 миллиард доллардан зиёдни ташкил этди.

Ўзбекистон Президенти хусусий сектор, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш, камбағалликни қисқартириш дастурини амалга оширишга кўмаклашиш, муқобил энергетика, энергия самарадорлиги, сув таъминоти, ижтимоий хизматни ривожлантириш каби устувор соҳаларда самарали ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

ОИИБнинг минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилмавий лойиҳаларда фаол иштирок этиши муҳимлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Цзоу Цзяи мамлакатимиздаги ўзгаришлар кўламини юқори баҳолаб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишга тайёрлигини билдирди.