Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Президенти ўз нутқида ушбу форматда олиб борилаётган мулоқот туфайли дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақада мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини таъкидлади.
«Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқдамиз», дея Ўзбекистон Президентининг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Мақолада Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилаётганига ҳамда глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлаётганига эътибор қаратгани алоҳида қайд этилар экан, Ўзбекистон раҳбари жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида минтақа мамлакатлари анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келаётгани, инфляциянинг импорти ортаётгани, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаяётганини таъкидлагани қаламга олинган.
«Шавкат Мирзиёев савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ҳудудлараро тўғридан-тўғри ҳамкорлик борасидаги салоҳиятдан кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили Марказий Осиё ҳудудлари форумини ўтказишни йўлга қўйишни таклиф этди», деб ёзади «Askanews».
Шунингдек, мақолада давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатларида етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини кафолатли таъминлашнинг комплекс тизимини биргаликда ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратгани ҳамда Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш Марказий Осиё давлатлари учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклигини таъкидлагани ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган, деб хабар беради «Дунё» АА.