Яшнобод туманидаги Технопаркда юртимизга келган нуфузли меҳмонлар иштирокида Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда икки мамлакатнинг масъул вазирлик ва идора вакиллари, 250 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Учрашувни мезбон томон — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқовнинг халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик муносабатлари, бу борадаги истиқболли мақсад ва вазифалар ҳақидаги самимий нутқи билан очиб берди. Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири У.Кармишаков эса ушбу кенг кўламдаги бизнес форумни ташкил этган мутасаддиларга миннатдорчилик билдирар экан, унинг икки мамлакат учун аҳамияти, келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталди.

Таъкидланишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 903,1 миллон АҚШ доллар, экспорт ҳажми 756,6 миллион доллар, импорт ҳажми эса 146,5 миллион долларни ташкил этди. 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қирғиз капитали иштирокидаги 183 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, шундан 104 таси қўшма корхона, 79 таси юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ҳисобланади.

Бизнес форум давомида 20 дан ортиқ тадбиркорлик йўналиши бўйича маҳсулот ва хизматлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Унда республикамизнинг турли бурчакларидан келиб, ўзларининг тақдимот материаллари билан иштирок этган юртимиз тадбиркорлари меҳмонларни Ўзбекистонниг иқтисодий салоҳияти билан таништирди.

— Вилоятимиз ва Қирғистон тадбиркорлари ўртасида яхши ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Бугунги тадбир орқали ўзаро келишувлар кўламини янада кенгайтириш, янги харидорлар топишни мақсад қилганмиз, — деди Бухоро вилояти инвестиция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фурқат Тиллоев. — Кўргазмада текстиль, саноат, ипакчилик, тиббиёт ва бошқа йўналишларда фаолият юритадиган бир қанча тадбиркорларимиз қатнашмоқда. Улардан бири “Тиб техника” МЧЖ бўлиб, корхона юрак-қон томирларига дори қопламали коронарўтказгич, диагностик катетер, қизилўнгач стендлари каби 8 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқариш бўйича Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади. Ишлар Жанубий Кореянинг 5 та компанияси билан ҳамкорликда олиб борилади. 2020 йилда 350 минг доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилинди. Келгусида ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ маҳаллийлаштириш ҳисобига ўзимиздаги мавжуд талабни қондириш ва маҳсулот тан нархини янада арзонлаштириш кўзда тутилган.

Бизнес форумнинг кейинги қисми икки мамлакат ишбилармон доираларининг “B2B” форматидаги учрашувлари билан давом этди. Тадбиркорлар ўртасида кечган қизғин музокаралар бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларнинг имзоланиши билан якунланди.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири