Бу турдаги рўйхатдан ўтказиш синов тариқасида илк бор шу йил 1-31 августь кунлари Тошкент вилоятининг Паркент ва Самарқанд вилоятининг Жомбой туманларида ташкил этилмоқда.

Тадбирни Давлат статистика қўмитаси ўтказмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) эса тадбир давомида техник ёрдам кўрсатиб келяпти. Яъни, халқаро ташкилот баннерлар, плакатлар, брошюралар, буклетлар ва флаерлар каби ахборот-коммуникация материалларини тақдим этди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш қишлоқ хўжалиги бўйича асосий статистик маълумотларни йиғишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Рўйхатдан ўтказиш доирасида мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланадиган барча субъектларнинг тўлиқ ҳисоби олиб борилади. Ягона дастур ва услуб асосида ўтказиладиган комплекс статистик кузатув қишлоқ хўжалигининг ҳолати ва таркиби, унинг мавжуд ресурс салоҳияти ва ундан фойдаланиш тўғрисида энг тўлиқ ва холис маълумот олиш имконини беради.

Тадбирнинг халқаро стандартларга жавоб беришини таъминлаш асосий мақсад саналади. Шу боис, ФАОнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими статистика бўйича мутахассиси Георгий Квиникадзе рўйхатдан ўтказишда иштирок этиш учун  Ўзбекистонга келиб, ишлаб чиқилган услубни такомиллаштириш юзасидан ўз тавсияларини берди.