Халқаро форум ишида Осиё-Тинч океани минтақаси, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ҳукумат ва ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам қатнашди.

А.Камилов ўз нутқида ҳозирги ҳолатда пандемия оқибатларини тезроқ бартараф этиш, иқтисодий ўсишни тиклаш ва узоқ муддатли барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришишга йўналтирлган ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклиф ва ташаббусларнинг муҳим аҳамиятини қайд этди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари иштирокчиларни коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиши ва соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш борасида Ўзбекистон Ҳукумати томонидан кўрилган тизимли чоралар билан таништирди, пандемия давридаги яқин ҳамкорлик ва ўзаро кўмак учун хорижий шерикларга миннатдорлик билдирди.

Вазир «яшил иқтисодиёт»га эришишда рационал экологик ривожланишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Шу нуқтайи назардан Марказий Осиёда «яшил» қайта тикланишнинг Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини бартараф этиш ҳамда Оролбўйи аҳолисининг ҳаёт шароитларини ва сифатини яхшилаш билан чамбарчас боғлиқлиги эътриоф этилди.

Конференция якунида унинг иштирокчилари 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги БМТ кун тартибидаги мақсадларга эришиш учун ўзларининг конструктив ҳамкорликка тайёрликларини тасдиқлади.