Унда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари иштирок этишди.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борган йиғилишда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳага оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича 2021 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг биринчи чоракдаги ижроси муҳокама қилинди.

Йиғилишда шу йилнинг ўтган даврида ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги бир қатор халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланганлиги таъкидланди.

Хусусан, Жаҳон банкининг Статистик салоҳият индексида Ўзбекистон 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 16 поғонага кўтарилиб, 146 та мамлакат орасида 61-ўринни эгаллаган бўлса, Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида мамлакатимизнинг ўрни 2020 йилда 2 поғонага юқорилаб, 167 та мамлакат ичида 155-ўринни эгаллаган. Глобал инновацион индексда Ўзбекистон жами 100 баллдан 24,54 балл билан 2015 йилга нисбатан ўз ўрнини 29 поғонага яхшилаб, 131 та мамлакат орасида 93-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари орасида эса
4-ўринни қайд этди.

Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун индекси»да Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилиб, 70,6 балл билан 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни (2019 йилда – 139-ўрин) эгаллаган.

Шу билан бирга йиғилишда халқаро рейтинглар ва индексларнинг таркибий индикаторларида мамлакатимиз ўрнини янада яхшилаш мақсадида жорий йилда амалга оширилиши мўлжалланган чора-тадбирлар режасига қўшимчалар киритишга қаратилган «Йўл харитаси» ва қўшимча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди.

Йиғилишда халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичларига (KPI) эришиш учун амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида Кенгаш аъзолари – инновацион ривожланиш вазири И.Абдурахмонов ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Саиджановнинг ахборотлари эшитилди.

Йиғилиш якунида Республика кенгаши аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилиниб, келгусида амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.