Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро муносабатлар институтида ўтказилган дунё халқлари маданияти ва санъатига бағишланган халқаро кўргазмада иштирок этишди.
Дипломатия миссияси томонидан кўргазма учун махсус Ўзбекистон стенди ташкил этилди. Унинг воситасида мамлакатимизнинг саноат, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятига доир материаллар, халқ ҳунармандчилиги намуналари, юртимиз маданияти ва тарихи, шу жумладан, Буюк Ипак йўлининг марваридлари - Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари тўғрисида китоб ва журналлар намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор сайёҳлик манзиллари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган юқори технологияли ва инновацион корхоналарга оид материаллар, шунингдек, жорий йилда республикамизда ўтказилиши режалашитирилган халқаро иқтисодий форум ва кўргазмалар тўғрисидаги маъумотлар билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Ўзбекистон стендига ташриф буюриб, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятига юксак баҳо берди.
Ўзбек халқ амалий санъати намуналари ҳамда республикамизнинг замонавий муваффақиятларига оид материаллар билан танишар экан, вазир туркман томони мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш тарафдори эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон стенди, шунингдек, Туркманистон ҳукумати аъзолари, депутатлар, туркман жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари, қатор олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва талабалари ҳамда ушбу мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатия миссиялари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда ходимларининг эътирофига сазовор бўлди.