Жорий йилнинг 21 июль куни Тошкент шаҳридаги “Humo Arena” муз саройи ҳамда “Hilton” меҳмонхонасининг LED-экранларида тарғибот-ролигининг намойиши ташкил этилди. Намойиш маҳаллий телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Ўзбекистон дунё мамлакатлари қаторида коронавирус синовидан ўтмоқда. Жаҳонда COVID-19 билан касалланганлар сони 14 миллион кишидан ошиб кетди. Юртимизда бу кўрсаткич 17 мингдан зиёд кишини ташкил этмоқда, шундан 9 500 га яқини соғайди. Бунда тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Улар айни вақтда коронавирус инфекциясига қарши курашда олд сафларда туриб жанг қилмоқда ва ҳар куни ҳақиқий қаҳрамонлар каби жасорат кўрсатиб, беморлар ҳаётини сақлаб қолмоқда.  

Дунё бўйича одамлар пандемияга билан курашаётган шифокорларга турли йўллар билан миннатдорлик билдирмоқда. Кўпчилик асфальт устига “раҳмат” сўзини ёзиб, ижтимоий тармоқлар орқали ташаккур айтмоқда. Шифокорларга бундай минатддорлик шак-шубҳасиз ҳурмат-эҳтиром ва эътироф намунасидир.  

Президентимиз коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, “Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос “жанг майдони”да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди.

Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида тун-у кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”.

Қайд этиш керак, пандемия даврида тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватловчи бу каби акциялар кўплаб хориж мамлакатларида ўтказилмоқда. Мисол учун, Токио-2020 ёзги Олимпиа ўйинларининг ташкилотчилари олимпиа боғидаги “Комадзава” биносини кўк рангга бўяшди. Мантиққа кўра, бу бошқа давлатлар билан бирлашиш, тушуниш, қўллаб-қувватлаш рамзидир. Skytree телеминораси ҳам худди шундай рамзий рангга бурканди. Москвадаги Останкино телеминораси шифокорларга миннатдорлик сўзлари акс этган видеолавҳалар билан безатилди. Шунингдек, АҚШдаги Эмпайр-стейт-билдинг, БААдаги Бурж Халифа, Канададаги Си-Эн Тауэр ва бошқа осмонўпар иншоотлар иллюминацияларга бой бўлди. Замонамиз қаҳрамонларига Google компанияси ҳам бир неча дудллари (бош саҳифада акс этувчи суратлар) ёрдамида далда бериб турди. Барча шифокорлар, ҳамширалар, тез ёрдам хизмати ходимлари учун “раҳмат” сўзи ёзилган анимация тайёрланди.

Л.Сувонов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири,

Ҳаким Йўлдошев

олган суратлар