Бўстонлиққа Ўзбекистоннинг Швейцарияси, деб бежиз таъриф берилмаган. Ҳавосининг мусаффолиги, гўзал манзаралар, бепоён арчазорлар, Чорвоқ сув омборидаги зилол тиниқ сув ҳар бир кишининг эътиборини тортиши табиий.      

Бўстонлиқ туманида 30 га яқин йирик санаторий мавжуд бўлиб, бугунги кунда яна 15 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Уларда бири – "Оқтош" санаторийси ҳам дам олувчиларни кутиб олишни бошлади. Лекин бу ерга ташриф буюрганлар карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда дам олишади. 

Хоналар бир марталик ниқоб, қўлқоп ва антисептик воситалар билан таъминланган. Аммо дам олувчиларнинг яқинларига кўргани келиш эса таъқиқланади. Танишлари билан кўришиш ҳам мумкин эмас. Албатта, тиббий ниқоб ва қўлқопда юрилади. Ҳовлидаги ўриндиқлар ҳам масофа сақланган ҳолда ўрнатилган бўлиб, уларга вақти-вақти билан  антисептик дорилар сепиб турилади. Санаторий ҳовлисига четдан енгил автомашиналар ҳам киритилмайди. 

– Барака топишсин, карантин қоидаларига риоя қилиш учун бу ерда барча шарт-шароитлар яратилган, -– дейди дам олувчи меҳнат фахрийси Аҳмаджон Юсуфбеков. – Хоналар ва ҳовли озода, доимий равишда кимёвий ишлаб бериб турилади. Шифокорлар ва хизмат қилувчиларнинг ҳам барчаси тиббий ниқобда. Соғлигимизга шунчалик эътибор беришаётганини кўриб, хурсанд бўласиз. Бу ернинг ҳавоси менга ёқади. Шу боис, турмуш ўртоғим билан ҳар йили келиб, даволанаман. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, Бўстонлиқ туманидаги барча санаторий ва кўпгина дам олиш масканлари фаолиятини бошлади. Шу боис, дам олувчилар ва сайёҳлар оқими аста-секинлик билан кўпаймоқда.