Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиш, бу орқали, аввало, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчиларни тайёрлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда

Бу борада ушбу йўналишдаги энг нуфузли мусобақа — олимпия ўйинларида спортчиларимизнинг муносиб иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 ноябрдаги “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII Ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлмоқда.

Бугунги кунда мазкур қарор ҳамда давлатимиз раҳбарининг XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашувида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида 2024 йилда бўлиб ўтадиган мусобақага пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

Қўмитада соҳа масъуллари, фахрий спортчилар, олимпиада ғолиблари, спорт жамоатчилиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда айни жиҳатлар алоҳида таъкидланди.

Тадбир аввалида Миллий олимпия қўмитасининг 30 йиллик фаолиятига бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Шундан кейин қўмита раҳбари Рустам Шоабдураҳмонов йиғилганларни байрам билан табриклади.

— Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сўнгги йилларда Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ва қатор халқаро спорт федерациялари ҳамда ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда спорт ва соғломлаштириш жараёнларининг натижадорлиги янги Ўзбекистонни барпо этиш вазифалари билан узвий боғлиқ эканини англаган ҳолда темир интизом билан ҳаракат қилишимиз лозим, — деди у жумладан.

Тадбирда фахрий спортчилар ва спорт жамоатчилиги вакиллари бугунги кунда Президентимиз томонидан Олимпия ҳаракати ривожига кўрсатилаётган эътибор, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, Олимпия ўйинларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси 1992 йил 21 январь куни ташкил этилган. 30 йиллик олимпия ҳаракатини ривожлантириш давомида юксак натижаларга эришилди. Жумладан, юртимиз спортчилари 1996 йил Атланта (АҚШ), 2000 йил Сидней (Австралия), 2004 йил Афина (Греция), 2008 йил Пекин (Хитой), 2012 йил Лондон (Буюк Британия), 2016 йил Рио-де-Жанейро (Бразилия) ва 2021 йил Токио (Япония) шаҳарларида ўтган ёзги, шунингдек, қишки олимпия ўйинларида ҳам юксак ғалабаларга эришиб, Ватанимиз байроғини жаҳон майдонлари узра юксалтирди.

— Афсуски, ҳозирги вақтда юзага келган эпидемиологик вазият сабаб Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганининг 30 йиллиги байрамини катта ҳажмда ўтказа олмаяпмиз. Эпидемиологик вазият барқарорлашгач, Халқаро Олимпия қўмитаси, Осиё Олимпия кенгаши ва бошқа йирик халқаро спорт ташкилотларининг вакиллари иштирокида мазкур байрамни ўзгача шукуҳда нишонлашни режалаштирганмиз, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов. — Президентимизнинг Олимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборлари барчангизга маълум. Яқинда Оксана Чусовитина, Баҳодир Жалолов каби спортчиларимиз шарафига уларнинг маҳорат мактаблари очилади. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда спортни янада ривожлантириш учун катта база яратилмоқда. Бу Ўзбекистон спортининг шонли тарихида янги давр — янгидан-янги тарихий ғалабаларга замин яратади.

Тадбир доирасида узоқ йиллар мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи, олимпизм ғоялари тарғиботида фаолият олиб борган мутахассислар, спорт федерация ва ассоциацияларига Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг эсдалик совғалари тақдим этилди.