Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги «махсус кузатувдаги давлатлар» рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир».

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар давом этиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Сўнгги йилларда барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар нафақат минтақа, балки халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муносиб эътирофига сазовор бўлаётгани, БМТ Бош Ассамблеясининг олий минбаридан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббусларимиз дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланаётгани қувонарли ҳол, албатта.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Дин ишлари бўйича қўмиталари ўртасида ташкил этилган видеомулоқот кўринишидаги онлайн анжуманда ҳам ана жиҳатлар алоҳида тилга олинди.

Видеомулоқотда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сўнгги йилларда аждодлар меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадисшунослик мактаби, Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилгани ва уларнинг мақсад-вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди.

Қаерда бўлмасин, Ўзбекистон фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, «Меҳр» инсонпарварлик операциялари доирасида можароли ҳудудлардан бир гуруҳ фуқаролар, асосан, аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келингани эътироф этилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида ўз фаолиятини бошлаган илк кунлардаёқ қўшни мамлакатлар билан яхши қўшнилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, минтақа аҳолиси бирдамлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.

Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вице-вазири Марат Азилхонов икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ўзаро ҳамкорликка интилиш мақсади муштараклиги туфайли барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам алоқалар янги босқичга кўтарилаётганини қайд этди.

– Биз Ўзбекистон билан дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганидан жуда мамнунмиз, – деди М.Азилхонов. – Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва эзгу ташаббуслари минтақа давлатлари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон диний-маърифий йўналишда бошқаларга намуна бўладиган ўзига хос йўл ва услубга, бузғунчи ғояларга қарши кураш ва аҳоли турли бузғунчи кучлар таъсирига тушмаслиги учун энг самарали воситаларни қўллаш мактабига эга давлат. Биз доимо Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга ошиқамиз ва амалиётда жорий этиш чораларини кўрамиз. Чунки бу тажриба нафақат минтақа мутахассислари, балки хорижлик экспертлар томонидан ҳам юқори эътироф этилади. Яқинда америкалик экспертлар билан мулоқотимизда Ўзбекистонда қабул қилиниши кутилаётган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси алоҳида тилга олиниб, у пухта ва мукаммал ишлаб чиқилгани қайд этилди. Қозоғистонда ҳам ушбу йўналишдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш устида иш олиб борилмоқда. Бунда Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш, бу борада ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилиши биз учун жуда муҳим.

Томонлар ўртасида кечган ўзаро мулоқотда, ғоявий хилма-хиллик кузатилаётган бугунги кунда ёт ғояларга қарши курашиш тобора долзарб аҳамият касб этаётгани, ушбу йўналишдаги ҳамкорлик кун тартибидаги муҳим масалалардан экани, айниқса, ўзбекистонлик имом-хатиблар томонидан Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида ўтказилган тадбирлар ижобий самара бераётгани, уларнинг билими, тажрибаси юқорилиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистоннинг зиёрат туризми соҳасидаги имкониятлари юқори баҳоланиб, ушбу йўналишда ўзаро фикр алмашилди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон диний уламоларининг бу каби ҳамкорлиги турли гуруҳлар томонидан ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга уринишлар авж олаётган даврда мўътадиллик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни асраб-авайлашга замин яратади ҳамда икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Илҳом МАЪРУПОВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими