Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, музокараларда АҚШ Президентининг ташқи сиёсат бўйича ёрдамчиси, миллий хавфсизлик бўйича вице-президентнинг маслаҳатчиси Кейт Келлог ва Президент ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директори Лиза Кертис ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон-АҚШ алоқаларининг изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли сўнгги йилларда ўзаро ва минтақавий кун тартибидаги барча соҳаларда сезиларли ютуқларга эришилди.
Томонлар сиёсий алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашди. Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш масаласининг муҳимлигига асосий эътиборни қаратилди.
Оқ уй вакили Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик музокараларини илгари суриш, ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга қўшаётган ҳиссаси, пандемия пайтида кўрсатган инсонпарварлик ёрдами ва мамлакатнинг минтақавий интеграциясини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.
Ҳозирги мавжуд вазият Афғонистонда энг муҳим энергетика ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини молиялаштиришнинг мақбул йўллари ва манбаларини топишни талаб қилиши алоҳида таъкидланди.
Учрашувда умумий кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.