Анжуманда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ҳам иштирок этди.

Форум доирасида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш масалаларига бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов нутқ сўзлаб, ушбу тадбир Форум кун тартибида белгиланган мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

«Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор, – деди мамлакатимиз ташқи ишлар вазири. – Афғонистон заминида тинчлик мустаҳкам бўлса, бу бутун Марказий Осиё учун барқарорлик ва фаровонлик гарови ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритмоқда».

Вазир Афғонистон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан Афғонистондаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линияси ва «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини қуришнинг муҳим жиҳатларини қайд этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум иштирокчиларини жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилди.

Тадбир якуни бўйича вазирларнинг тўққизинчи конференцияси декларацияси қабул қилинди.