5 ноябрь – Ўзбекистонда телевидение ташкил топган кун

Тонгдами ё шомда телевизорни ёқсак, мамлакат ва хориж ҳаётига доир муҳим янгиликлар айтилаётган бўлади: «Президентимизнинг алоҳида кўрсатмаларига асосан, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Юзлаб ёшлар, хотин-қизлар муаммолари ўрганилди, уларнинг аксарияти ишга жойлаштирилди, тадбиркорликка жалб этилди...». Ўйлаб қоласан киши, бундан уч-тўрт йил олдин камбағаллар йўқмиди? Бор, ҳатто ҳозиргидан ҳам анча кўп эди. Лекин буни айтиш учун сиёсий ирода йўқ эди, айниқса, журналистларимиз айтолмасди.

Бугун янгиликлар кўзгусидан журъат билан гапираётган журналист шижоати ўзгача, мақсад ва муддаоси аён, тили бурро, қўрқув йўқ. Муаммоларни очиқ айтиш бор, раҳбарларга халқни қийнаётган масалалар ечимини сўраб микрофон тутиш бор, жавобни рандалаш йўқ, вазиятни борича олиб чиқиш бор. Бу – миллий тележурналистикамизнинг бугунги қиёфасидир. Ҳа, аслида ҳам журналист ва журналистика жамиятда худди шундай бўлмоғи лозим. Ўзбекистонда телевидение ташкил топган кун арафасида хаёлимиздан шу каби ўйлар ўтди. Телевидение тарихига бир қур назар соламиз.

Инсоният тарихидаги буюк кашфиётлардан бири – телевизор Тошкентда яратилганини кўпчилик яхши билади. 1928 йил 26 июль куни ўзбекистонлик ихтирочилар Б.Гарабовский ва И.Белянский томонидан яратилган илмий-техник ишланма – «телефот» махсус комиссия синовидан ўтказилиб, дунёда биринчи телевизор пайдо бўлишига сабаб бўлди ва махсус патент берилди.

Маълумотларга кўра, телевидениенинг илк кўрсатувлари 1936 йилда Буюк Британия ва Германияда, 1938 йилда тажриба синов тариқасида Москва ва Санкт-Петербургда, 1941 йилда эса АҚШда эфирга узатила бошланган. Афсуски, халқимиз инсониятга ойнаи жаҳонни армуғон қилган бўлсада, унинг эфир намойишларидан бироз кеч баҳраманд бўлди. Албатта, бунинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий ва мафкуравий сабаблари бор эди. Хуллас, Тошкентда телевизион кўрсатувларни мунтазам эфирга узатиш 1956 йилнинг 5 ноябридан амалга оширилган.

Шубҳасиз, телевидениенинг очилиши ўз даврида халқимиз ҳаётида чин маънода ўзига хос унутилмас воқеа бўлди. Бундай қувончли тарихий воқеага гувоҳ бўлган, Тошкент телемаркази очилиши маросимида иштирок этган ва 1961-1994 йилларда Ўзбекистон телевидениесида фаолият кўрсатган журналист Анбара Отамуродова ўзининг «Радио ва телевидение – тафаккур гултожи» (2018) китобида бу тарихий лаҳзаларни эслаб бундай ёзади: “...ҳаётимиздаги ўша бахтли кун – 1956 йилнинг бешинчи ноябрь куни эди. Курсимиз сардори Анвар Каримов (олим, тарих фанлари номзоди ва журналист Анвар Каримов назарда тутилмоқда) аудиторияга табассум билан кириб келиб: «Диққат! Хушхабарлик эълон бор. Бугун ўқув машғулотларидан кейин ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, Шайхонтоҳурга борамиз. Кеч соат олтида Тошкент телемаркази очилар экан. Биз улкан тарихий воқеанинг гувоҳи бўламиз», деди. Ҳаммамиз қувониб кетдик ва Шайхонтоҳурга барчадан илгари етиб келдик. У замонларда телемарказнинг чор атрофи қинғир-қийшиқ қурилган кўримсиз, ғарибона уйлар билан ўраб олинган, халойиқ бу ерда тиқилишиб яшар эди. Эндигина қуриб битказилган ҳашаматли телемарказ биноси одамлар билан гавжум... Уларнинг барчаси хушнуд, хурсанд эдилар...

...1956 йил 6 ноябрь оқшоми! Ўзбек халқининг шодлиги дарёдай тошган оқшом! Бу кун хотирамизда энг нурли сана бўлиб қолди”.

Дарҳақиқат, у пайтларда «кўрсатув», «диктор», «режиссёр», «эфир» каби сўзлар одамлар учун қай даражада сирли ва ғаройиб бир янгилик бўлиб туюлганини англаш қийин эмас. Катталарнинг айтишича, оқшомлар одамлар телевизор қаршисига эмас, балки ўзларини мўъжизалар майдонига кириб қолгандай ҳис эта бошлаган. Шундай қилиб, телевидение ўз даврида миллионлаб одамларни ҳайратга солган, кулдирган, йиғлатган.

Йиллар ўтгани сайин телевидение ҳам ўзининг тараққиёт босқичларини бошидан кечира борди. Ўзбекистон телевидениесига илк тамал тоши қўйилган кундан бошлаб, то бугунга қадар жуда катта ижодий мактаб ва жамоалар шаклланди. Телевидениенинг ҳар бир йўналишида устоз-шогирд анъанаси пайдо бўлди ва улар йиллар мобайнида шаклланиб борди. Ушбу давр журналистикаси, умуман, теледастурлари ҳақида сўз борганда, даставвал, Убайдулла Бурҳонов, Бобо Хўжаев, Элбек Мусаев, Жонрид Абдуллахонов, Армуғон Муҳаммедов, Мақсуд Юнусов, Ҳайбат Алиев, Мели Маҳкамов, Эргаш Каримов, Маҳкам Муҳамедов, Аҳмад Аъзам, Ўроль Ўтаев, Анвар Исроилов, Қўзижон Ҳакимов, Анвар Тожиев, Эргаш Раимов каби ўнлаб ижодкор-журналист ва режиссёрлар номи ёдга келади. Шу ўринда Ўзбекистон телевидениесининг дикторлар гуруҳи шаклланишига муносиб ҳисса қўшган Иқбол Олимжонова, Раъно Жўраева, Ўктам Жобиров, Даврон Зуннунов, Насиба Қамбарова, Мирзоҳид Раҳимов, Раъно Мадраҳимова, Насиба Иброҳимова, Фарҳод Бобожонов, Насиба Мақсудова, Галина Мельникова каби устозларни ҳам эслаш жоиз.

Ўтган асрнинг 70-80 йилларига келиб телевидение бутун республикани қамраб олди ва тайёрланаётган кўрсатувлар халқимиз қалбидан муносиб ўрин эгаллай бошлади. Бир сўз билан айтганда, бу даврда Ўзбекистон тележурналистикаси алоҳида соҳа ва фан сифатида жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллади. Турли жанрлар пайдо бўла бошлади. Театр ва телевидение ҳамкорлиги шаклланди. «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», «Ойнадан ўпкалама», «ТВ алманах», «Телевизион миниатюралар театри», «Оламда нима гап» каби туркум кўрсатувлар ана шу ижодий ҳамкорлик самараси натижасида эфир юзини кўрди. Ўша йиллари «Марҳабо талантлар», «Чашма», «Офарин» каби телевизион танловлар жуда машҳур бўлиб кетди.

Ушбу даврда тележурналистикада эссе, очерк, тележурнал жанрлари яхши ривожланди. Буюк боболаримиз – шоирлар, ёзувчиларнинг ижоди асосий манба бўлиб хизмат қилди. Улар ҳақида тайёрланган кўрсатувлар, ижодий кечалар, телевизион учрашувлар, бебаҳо фольклор меросимизга оид теледастурлар халқимизнинг энг севимли кўрсатувларига айланди. Чунки халқимиз шу каби кўрсатувларга ташна эди.

Ўзбекистон мустақил давлат бўлгач, телевидениеда ҳам туб ислоҳотлар бошланди. Телеижодкорлар халқимизнинг бой тарихи, қадриятлари, буюк боболаримиз яратган ўлмас мерос ҳақида, аждодларимиз ҳаётини акс эттирувчи бадиий асарлар асосида туркум кўрсатувлар тайёрлашга киришди. Бу даврда «Мирзо Улуғбек», «Бобур», «Лайли ва Мажнун», «Кеча ва кундуз», «Сўнгги ўқ», «Юсуф ва Зулайҳо», «Соҳибқирон», «Хоразмшоҳ», «Амир Музаффар», «Мозийдан бир саҳифа», «Меҳробдан чаён» каби кўп қисмли асарлар яратилди. Бу келажакда телесериаллар яратишда ўзига хос муҳим асос бўлиб хизмат қилди.

Шу тариқа телевидение янги жанрлар билан бойиб борди. Моддий-техник базаси ҳам мустаҳкамлана бошлади. Бу борада ўндан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

2006 йилда Ўзбекистон телерадиокомпанияси Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси этиб қайта ташкил этилди ва тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. ЎзМТРК тарихида 2012 йил 31 декабрь куни яна бир унутилмас воқеа содир бўлди. Шу куни тизимда иккита янги – “Madaniyat va maʼrifat” ва “Dunyo boʼylab” телеканаллари фаолият бошлади. 2013 йил 1 июндан “Yoshlar” телерадиоканали ҳузурида “Bоlajon” телеканали эфир юзини кўрди. Шу йили рақамли форматда “Kinoteatr”, “Navo”, “Oilaviy”, “Diyor” телеканаллари ташкил этилди. Орадан бир йил ўтиб “Маhalla” маърифий телерадиоканали ташкил этилди. 2015 йилга келиб Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги барча ҳудудий телерадиокомпанияларининг бир кунлик эфир ҳажми 24 соатга етказилди. Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида телерадиокомпания ҳузурида 8 та мутахассислик йўналиши бўйича кадр тайёрлаб берадиган ўрта махсус билим юрти, шунингдек, Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялар университети ташкил этилди ва ушбу таълим муассасаларининг телевидение билан амалий ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилди.

Янги Ўзбекистон телевидениеси

Яқинда, 23 сентябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Бу тарихий нутқни барча юртдошларимиз телевидение орқали жонли эфирда кўриб, фахрланди. Бу унутилмас воқеани бежиз эсламадик. Кейинги йилларда Ўзбекистон халқчил ислоҳотлар диёрига айланди. Ҳар жабҳада ўзгаришлар, янгиланишлар бўлмоқда. Донишманд халқимиз қонидаги қудратли хислатлар, эзгу қарашлар куртак очиб, қулоч ёзмоқда. Миллий ифтихор, қадриятлар жилоланмоқда. Ана шу муҳим ўзгариш жараёнида телевидение ислоҳотларининг ҳам борлиги қувонарли ҳолдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги қарори билан ЎзМТРК тизимида бетўхтов фаолият юритадиган “Oʼzbekiston-24” ахборот-таҳлилий телерадиоканали ташкил этилди. Замонавий журналистика асосида иш бошлаган телерадиоканални ташкил этишдан мақсад аҳолига холис ва ишончли ахборотни етказиш, ахборот муҳитини сифатли маҳсулотлар билан тўйинтириш, муҳим ҳодисаларни тезкорлик билан ёритишни таъминлаш эди.

Бугунги кунда “Oʼzbekiston-24” телерадиоканали фуқароларни қийнаётган муаммолар, жойлардаги долзарб масалаларни мутасадди раҳбарлар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотларни ташкил этиш орқали ҳал қилиш воситасига айланди.

Президентимиз ташаббуси билан яна бир – “Oʼzbekiston tarixi” телеканали ташкил этилди. Бой тарихимизни ёритиш, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур телеканалнинг илк эфири 2019 йили мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан 1 сентябрда амалга оширилди.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятида яна бир тарихий воқеа яқинда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан боғлиқдир.

Мазкур тарихий фармонга мувофиқ, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда тизимдаги ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий ва маданий-гуманитар телеканалларини хорижий давлатларда телерадиокомпаниянинг ОТТ платформасини (интернет тармоғи орқали теледастурларни намойиш этиш тизими) ишга тушириш ва бошқа замонавий информацион технологиялардан фойдаланган ҳолда намойиш этилиши йўлга қўйилмоқда. Фармон асосида “Oʼzbekiston” телеканалида юртимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарини тарғиб қилувчи, мамлакатимизга оид ахборот-таҳлилий, маънавий-маърифий, маданий-гуманитар билим доирасини кенгайтиришга хизмат қилувчи ва интеллектуал ҳамда бошқа маълумотларни хорижий тилларда ёритадиган “Doʼstlik” ахборот-маърифий дастурлар таҳририятини ташкил этиш режалаштирилган.  2021 йил 1 январдан бошлаб телерадиокомпания тизимидаги марказий телеканалларда она тилимиз ҳақида «Тилга эътибор», «Она тилида сўзлашамиз», «Нотиқлик маҳорати», «Тил – миллат кўзгуси», «Китоб билим манбаи», “Билимли ёшлар – келажак бунёдкори” каби туркум кўрсатув ва эшиттиришлар ташкил қилиниб, мунтазам равишда эфирга узатиб борилишининг тобора кўпаяётгани эса кишини янада қувонтиради.

Шундай қилиб, ўзининг 65 йиллик бой тарихи эга Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида бугун жами 26 теле ва 16 радиоканал 24 соат фаолият кўрсатмоқда.

Кейинги йилларда телевидение қўлга киритган энг катта ютуқлардан яна бири рақамли телевидениега ўтиш даври бўлди. Одатдаги телевизион кўрсатувлардан янги, янада сифатли даража – рақамли телекўрсатувларнинг сунъий йўлдош орқали дунёнинг юздан ортиқ мамлакатига кенг намойиш этилиши, ўйлаймизки, замонавий телевидение соҳасининг улкан ютуқларидан биридир.

Ўзининг қадимий ва бой тарихи билан ҳақли равишда фахрланадиган Ўзбекистон телевидениеси давр билан ҳамқадам ривожланиб бормоқда. Зеро, соҳадаги изчил ислоҳотлар натижасида бугунги кунда мамлакатимиздаги ҳар бир оила юқори сифатли телевидение хизматларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида барча соҳалар қатори ахборот олиш ва уни етказиш, айниқса, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида рақобат кескин ривожланиб бормоқда. Бундай жараён эса ОАВ ходимлари, жумладан, телеижодкорлар олдига янги-янги талаб ва вазифаларни қўймоқда. Шу боис, бугунги мураккаб вазиятда жамият ҳаётида телевидениенинг ўрни ва таъсирини янада ошириш, хусусан, унинг холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлигидаги аҳамиятини тобора юксалтиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда ижодкорлар дунёқараши эркинлашиши натижасида тайёрлаётган маҳсулотлари ҳам кечагисидан тубдан фарқ қилмоқда. Кўрсатувларда эркин мушоҳада юритиш, холис, ҳаққоний ва халқчил мавзуларни ёритиш масаласи асосий ўринга чиқмоқда. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, айниқса, жойлардаги ижтимоий муаммолар, камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратиш бугун тележурналистларнинг ҳам асосий мақсадига айланди. Ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар тайёрлашдан воз кечиш, кўпроқ халқнинг дардини ёритиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни экранга олиб чиқиш ва уларга ечим излашга жиддий эътибор қаратила бошланди.

Шу мақсадда миллий телерадиокомпания тизимида кейинги 3-4 йил ичида халқ ҳуқуқий маданиятининг юксалишига хизмат қилувчи “Munosabat”, “Sharh”, “Qarama-qarshi”, “Obʼektiv nigohida”, “Xalq fikri”, “Fikr.uz”, “Munozara maydoni”, “Xalq qabulxonasida bir kun”, “Jurnalist nigohida”, “Xalq minbari” каби таҳлилий йўналишдаги ўнлаб кўрсатув ва ток-шоу ташкил этилди ва улар кўп минг сонли телетомошабин эътиборини қозонди. Жамиятда илм-маърифат, адабиёт, миллий маданият ва санъатимизни, шунингдек, китобхонликни кенг тарғиб этишга йўналтирилган “Kitobxon shou”, “Sanʼat tarixi”, “Islom: mohiyat va talqin”, “Radio kitob”, “Alyor” “Imom al-Buxoriy saboqlari”, “Otalar soʼzi – aqlning koʼzi”, “Oʼzbekiston buyuk allomalar yurti”, “Maqom sanʼati” каби ўнлаб маданий, маърифий ва бадиий кўрсатувлар намойиши ҳам йўлга қўйилди. Бугунга келиб миллий телерадиокомпания кўплаб давлатларнинг нуфузли телерадиокомпаниялари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.

Телерадиокомпания ижодкорлари жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамай, карантин даврида ҳам аҳолига 24 соат мобайнида тезкор, ишончли, холис ахборот етказиб бериш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттиришга йўналтирилган турли мавзу ва жанрларга хос кўплаб ранг-баранг кўрсатувларни намойиш этиб борди. Бу даврда ЎзМТРК ходимлари бир тану бир жон бўлиб юртимизга келган бу балога қарши курашишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Барчамиз учун синовли ва масъулиятли даврда эфирга узатилаётган кўрсатувларнинг аксарияти жонли равишда эфирга узатилди. Айниқса, “Oʼzbekiston” “Oilaviy”, “Mahalla”, “Madaniyat va maʼrifat” телеканаллари орқали онлайн дарс ва онлайн маслаҳат дастурларининг ташкил этилгани ва куну тун намойиш этиб борилгани халқимиз томонидан муносиб қарши олинди.

Янги давр тележурналистикасининг яна бир ифодасини жонли эфирлар соати ортгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Аввало, давлат миқёсидаги деярли барча тадбирлар, байрам дастурлари ва концертлар тўғридан-тўғри нафақат ўзимизга, балки дунё мамлакатларига юқори сифатда, ўзига хос кўриниш ва форматда трансляция қилинмоқда. Кейинги йилларда “Oʼzbekiston-24”, “Oʼzbekiston”, “Toshkent”, “Oilaviy”, “Mahalla” телеканалларида “Axborot”, “Tahlilnoma”, “Yangiliklar”, “Studiya-24”, “Munosabat”, “Oydin hayot”, “Kun xabarlari”, “Qarama-qarshi”, “Assalom, Oʼzbekiston!”, “Vaziyat-24”, “Ochiq muloqot”, “Xalq minbari”, “Murosai madora”, “Agroinnovatsiya” каби ижтимоий-сиёсий мавзудаги ўнлаб дастурлар тўғридан-тўғри намойиш этиладиган бўлди.

Янгиланаётган Ўзбекистон ислоҳотлари оҳангида бугун ҳар бир кўрсатувда айтилаётган мулоҳазалар холис, ҳаққоний ва чуқур таҳлилларга асослангани ҳолда кенг жамоатчиликни фикрлашга ундамоқда. Бу эса мамлакатимиз тараққиётида миллий телерадиокомпаниянинг ўрни ва ролини кўрсатиб бермоқда, десак хато бўлмайди. Шунингдек, бундай ижодий жараёнлар, ўз навбатида, бугунги давр тележурналистикасининг ўзига хослиги, тараққиёти ва юксалиш жараёнларини белгилашга хизмат қилмоқда.

Шуҳрат ҲАЙИТОВ

“Oʼzbekiston” телеканали бош муҳаррири,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори