Мазкур конференцияда икки давлат етакчи таҳлил марказлари, жумладан Марказий Осиё Халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Тожикистон Республикаси Миллий Фанлар академияси, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда мустақил экспертлари иштирок этди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона ва стратегик шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар салоҳиятини татбиқ этиш, таълим ва сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонлик маърузачилар, хусусан, «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида, жумладан, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасида Марказий Осиёда аҳил қўшничилик муносабатлари таъминланганлиги, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналишида назарда тутилган мақсад ва вазифалар бўйича ҳам маълумот бериб ўтилди.
Жумладан, Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги ролини ошириш, Марказий Осиёда турли соҳаларда яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш ҳамда иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш муҳим мақсадлар қаторида эканлиги қайд этилди.
Марказ ижрочи директори Элдор Туляков, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида олий даражадаги ташрифлар алмашиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳар йили ўтказиладиган Маслаҳат учрашувлари мунтазамлигини таъминлаш, чегара ўтказиш пунктларининг салоҳиятини ошириш, экология ва атроф-муҳит ифлосланишнинг олдини олиш ҳамда табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга Тараққиёт стратегиясида алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлади.
Э.Туляков Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ва иқтисодий алоқаларнинг аҳамиятига тўхталар экан, жумладан шундай деди: «Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларида туб ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистонда ислоҳотлар бошланиши билан сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама алоқалар фаоллашди. Олий даражадаги ишончли мулоқот икки қардош халқ ўртасидаги муносабатларни стратегик даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди. Хусусан, ўтган вақт давомида уч маротаба олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, “Стратегик шериклик тўғрисида” битим имзоланди. Натижада, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал суръатларда ривожланиб, уларнинг динамикаси изчил ўсишда давом этмоқда. Жумладан, 2017-2021 йиллар оралиғида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 3 баробарга ошиб, 237,9 миллион доллардан 604,5 миллион АҚШ долларига етди».
Халқаро анжуман якунида мазкур илмий-амалий конференцияда бўлиб ўтган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик бўйича икки мамлакат тадқиқот марказлари ўртасидаги очиқ ва конструктив фикр алмашиш минтақа давлатлари муносабатларининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди, шунингдек, миллий, минтақавий ва глобал масалаларда амалий ҳамкорликка қаратилган учрашув ва давра суҳбатларини мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати