Бунда туризм соҳасида халқаро алоқаларни янада барқарорлаштириш, соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш ва туризм бозорининг мақсадли аудиторияси орасида Ўзбекистон миллий бренди оммавийлигини ошириш ва туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш назарда тутилган. Конгресс доирасида турли давлатларнинг 45 нафардан ортиқ маърузачилари сўзга чиқиб, интерактив муҳокамалар олиб борилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилиб, COVID-19 пандемияси даврида республикамизда туризм соҳасида рўй берган ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳалар, юртимиз салоҳияти билан яқиндан танишиб, МДҲ давлатларининг туризм соҳасидаги улкан салоҳиятини инобатга олган ҳолда, бу борадаги яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш кераклигига алоҳида урғу берилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов томонидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, янги туристик йўналишлари ва имкониятларини яратиш, дам олиш жойлари, гастрономия, ҳунармандчилиги, шунингдек, республикада сайёҳларнинг қулай яшаши учун яратилган шароитларга доир тақдимот ўтказилди.

Юртимизда халқаро стандартларга жавоб берувчи санитария-эпидемиология хавфсизлигининг янги тизими “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” (Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат КАФОТЛАНГАН) асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан чет эллик меҳмонларнинг эпидемиологик хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан маълумотлар берилиб, бу борадаги махсус тарғибот видеоролиги намойиш этилди. МДҲ иқтисодий ривожланиш бизнес марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, МДҲ Молия-банк кенгашининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси Анатолий Казаков томонидан туризм соҳасида Ўзбекистон билан тез орада инқирозгача бўлган туристик алмашинув даражасини тиклаш таклифи илгари сурилди.

Тадбир ташкилотчиси, МДҲ иқтисодий ривожланиш бизнес маркази Туризм қўмитаси раиси Анастасия Павлова иштирокчиларга Ўзбекистон ҳақида зарур маълумотларни бериб, COVID-19 пандемияси даврида туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида ҳам сўз юритди. Конгресс якунида хорижий томон билан келгусида ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизни туризм салоҳиятини дунё ҳамжамиятига кенг танитиш мақсадидаги қўшма лойиҳалар ҳамда режалар ўзаро келишиб олинди.

Маълумот ўрнида: «СНГ+МИР» дастури ўз фаолияти даврида дунёнинг барча қитъaларини бирлаштирди. «СНГ+МИР 2021/Все стихии мира» онлайн конгресси 6 соат мобайнида узлуксиз олиб борилиб, унда 130 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этди.