Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Учрашувда сўзга чиққан Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров институт фаолияти ва  вазифалари, хорижий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Марказий Осиё халқаро институти ва Туркиянинг таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қўшма илмий-амалий тадбирлар ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳамда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ташаббуслари туфайли икки қардош халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги даражага кўтарилди.  

Халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган. Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 29 март куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга қилган расмий ташрифида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган ўнгга яқин ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, экспертлар 2022 йилда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитига алоҳида эътибор қаратди. Тили ўхшаш ва дини бир, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган ушбу ташкилот минтақавий кўп қиррали ҳамкорликнинг самарали платформасига айланиб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи йил сайин ортиб бораётгани қайд этилди.

Самарқандда бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилишда муҳим воқеа бўлиши таъкидланди.

Мутахассислар Туркия илмий-тадқиқот институтлари, хусусан, SETA нинг Ўзбекистон таҳлил марказлари билан яқин алоқаларни ўрнатишга бўлган юқори қизиқишини қайд этди. Музокаралар чоғида  SETA вакиллари жамғарма фаолияти хусусида маълумот бериб, унинг мамлакатимиз “ақл марказлари” орасида етакчи ўринни эгаллашини таъкидлади.

SETA сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва гуманитар масалалар бўйича йирик тадқиқотлар билан шуғулланаётгани, маҳаллий ва хориждаги ихтисослаштирилган журналларда чоп этилаётган очиқ мавзули маърузалар тайёрланиши таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги шерикликни сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янада кенгайтириш масалаларини экспертлар даражасида кўриб чиқишдан манфаатдор эканини билдирди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб,  ҳурмат, дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ўзбек-турк ҳамкорлигини янада фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.