Дастлаб, марказ вакиллари томонидан 15 сентябрь куни Истанбул шаҳридаги “Outdor Factory” компанияси фаолияти яқиндан ўрганилди. Мазкур компания айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейини бойитиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этган. Компания раҳбари Синан Тураман Туркия Президентининг Истанбул шаҳридаги музейида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Сафар давомида Истанбул шаҳридаги Аё София мажмуаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини ўз ичига олган Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейи – Miniatürk сингари диққатга сазовор жойларда қатор учрашувлар ўтказилди.
Илмий-ижодий сафар асносида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Халит Эрен, Миллий саройлар бошқармаси бошлиғи Ясин Йилдиз, Туркия қўлёзмалар идораси раҳбари Жўшкун Йилмаз, қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессорлари, олим ва мутахассислар ҳамроҳлик қилишди.
Истанбулдаги учрашувлар, ташрифлар чоғида Ўзбекистон маданий мероси билан боғлиқ қатор нодир қўлёзмалар ва тарихий экспонатлар билан ҳам таншилди.
Жумладан, Турк ва Европа меъморчилигининг нодир намунаси “Юлдуз” саройида Қўқон хони Амир Умархон турк султони Маҳмуд II га ҳадя қилган Қуръони карим нусхаси сақланмоқда. Тўпқопи музейида темурийлар даврига оид қатор нодир осори атиқалар. Бухоро амирининг турк султони Абдулҳамид II га юборган ҳадялари, ислом оламининг энг нодир ва муқаддас омонатлари ўзбекистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Туркия тарихидаги муҳим масканлардан бири – Долмабахче саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раиси Ясин Йилдиз ўртасидаги учрашувда муштарак миллий меросимизни ўрганишда илмий куч ва имкониятларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ислом динининг маърифатпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлашда амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик, — деди Ясин Йилдиз. – Бу борада Туркияда ҳам ниҳоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда ҳам бу борада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик дўстларимизнинг бу ташриф ҳар икки юрт олимлари ва тадқиқотчилари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Учрашувда бу борада ўзбек ва турк олимларининг ҳамкорлиги доирасида қўшма форум ташкил қилиш таклиф қилинди. Ясин Йилдиз Туркиядаги миллий саройлар, музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан янги китоб-альбомлар чоп этиш бўйича ҳамкорлик қилишини билдирди.
Делегация вакиллари иштирокида 17 сентябрь куни Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКА ташкилоти биносида мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти ҳақида “Янги Ўзбекистон: замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ташкил қилинди. Фотокўргазма доирасида “Ўзбекистон-Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” медиа-ивент дастури ва “Ўзбекистоннинг буюк алломалари энциклопедияси” лойиҳаси тақдимотлари ўтказилди.
Ушбу тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий текшириш марказлари тақдимотлари ўтказилди. Шунингдек медиа-ивент доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тадқиқотлар маркази ва ИРСИКА ўртасида “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” энциклопедиясини яратиш бўйича келишиб олинди.