Учрашувда «PrivaZorg Maastricht» компанияси директори, «Nobama care» (Нидерландия) компанияси раиси Б.Низомий ҳамда «Jawzjan Al-Hayot» касалхонаси (Афғонистон) муассиси А.Хамийлар ҳам иштирок этишди.
Хорижлик меҳмонлар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ислоҳотлар, янги йўналишлар ва туристик маҳсулотлар, «Uzbekistan SafeTravel GUARANTEED» санитария-эпидемиология хавфсизлиги тизими билан танишишди. Шунингдек, юртимизда сайёҳлик йўналишларини диверсификация қилиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар ва ўзига хос хусусиятлар ҳақида атрофлича фикр алмашишди. Хорижий тадбиркорлар мамлакатимизнинг юксак туризм салоҳиятини инобатга олган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдиришди.
Маълумот ўрнида: «Privazorg Maastricht» Нидерландиядаги «PrivaZorg» тиббий муассасасини қўллаб-қувватловчи минтақавий марказ бўлиб, «уйда парвариш қилиш»га ихтисослашган. Ўз навбатида, «Nobama Care» компанияси тўлиқ тиббий ёрдамга эга қариялар уйлари тармоғидир. Ҳозирги вақтда компания 4 филиалига эга бўлиб, жорий йилнинг октябрь ойида бешинчи муассасасининг очилиши кутилмоқда. Бунда, таъсисчилар ҳар бир бино учун 6 миллион евро сармоя киритган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.