Вазир меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон Австрия билан икки томонлама кун тартибида ҳам, Европа Иттифоқи доирасида ҳам ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Мулоқотда сўнгги йилларда томонларнинг конструктив ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга интилиши натижасида эришилаётган ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Турли даража ва шаклларда бўлажак мулоқотларга ҳар томонлама ва сифатли тайёргарлик кўриш бўйича келишувга эришилди.

Афғонистонда юзага келаётган вазият, унинг минтақавий ва халқаро барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашилди. Инсонпарварлик инқирозининг олдини олиш мақсадида жаҳон ҳамжамиятининг мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш ҳамда бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Австрия Республикаси Европа ва ташқи ишлар федерал вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Австрия оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.