Сўнгги йилларда олий даражада ўзаро ишончга асосланган мулоқот йўлга қўйилгани туфайли Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари янги даражага кўтарилгани таъкидланди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мустаҳкамланиб боряпти. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ортиб, 2022 йилда 500 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан бери бу кўрсаткич яна 37 фоизга (346 миллион доллар) ўсди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун қонунчилик даражасида биргаликда амалга ошириладиган ишларни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ҳукуматлараро комиссиянинг 10-мажлисини ўтказишга ҳозирлик кўриляпти. Учрашувда икки мамлакат ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг ҳуқуқий жиҳатларига кўмак бериш юзасидан фикр алмашилди.

Маълумки, ҳудудлар форуми туфайли мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб боряпти. Шу нуқтаи назардан ушбу тадбирни ўтказиш амалиётини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни илгари суришдан, шунингдек, ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор экани алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, маданий-гуманитар алоқалар ҳам муваффақиятли ривожланяпти, икки мамлакат вакиллари ҳар икки давлатда ташкил этилаётган маданият кунларида, жумладан турли фестиваль ва танловлар, спорт тадбирларида фаол иштирок этяпти. Икки давлат илмий ташкилотларида ёш олимларнинг қисқа муддатли амалиётини ўтказишни давом эттириш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мулоқот якунида аёлларни тадбиркорлик ва инновацион фаолиятга, IT соҳага, биотехнологияга фаол жалб этиш, уларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш бўйича амалий чора-тадбирларнинг қўшма режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.