2022 йил 18-19 октябрь кунлари Тожикистон ҳукумати ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги делегация «Терроризмга қарши курашиш ва террорчилар ҳаракатланишининг олдини олиш учун чегара хавфсизлиги ва чегара назорати соҳасидаги халқаро ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этмоқда.

Конференция доирасида 18 октябрь куни БМТ Бош котиби ўринбосари – БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков билан учрашув бўлиб ўтди.

Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан, БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида қайд этилганидек, 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу стратегияни Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган юқори даражадаги халқаро конференция ўзгариб турувчи халқаро ижтимоий-сиёсий ва минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муҳитни инобатга олган ҳолда терроризмга қарши курашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувлари бўйича муштарак фикрга келиш имконини яратди.

Эслатиб ўтамиз, «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусидаги халқаро конференция доирасида қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинган.

Улар орасида БМТнинг янги таҳрирдаги Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг янги ҳаракатлар режаси доирасида ҳамкорликка интилишини тасдиқловчи «Тошкент декларацияси» ҳам бор.

Учрашув якунлари бўйича Тошкент конференцияси давомида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни ўз ичига олган ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи «Йўл харитаси» имзоланди.

Ҳужжат ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши, уни амалий мазмун билан бойитиши алоҳида таъкидланди.

«Йўл харитаси» юқори даражадаги қўшма тадбирларни ташкил этиш, Марказий Осиёда кибертерроризмга қарши курашиш бўйича виртуал тармоқ яратиш, Ватанга қайтарилган фуқароларни реабилитация қилиш ва реинтеграция қилишда маҳаллалардан самарали фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ҳузурида ушбу масала бўйича минтақавий экспертлар кенгаши таъсис этиш ва бошқа тадбирларни кўзда тутади.

Хусусан, жамиятнинг барча қатламлари иштирокида бағрикенглик, динлараро ва маданиятлараро мулоқот ғоялари ва тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида 2023 йили БМТ шафелигида Ўзбекистонда «Маърифат ва диний бағрикенглик» мавзуида юқори даражадаги конференция ўтказилиши режалаштирилган.