Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий соҳаларидаги, таълим йўналишидаги шериклик ҳамда парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш бўйича батафсил фикр алмашилди.

Жессика Тан Сун Нео сўнгги йилларда икки томонлама муносабатлар сезиларли даражада фаоллашганини алоҳида таъкидлади. Бу Ўзбекистон ва Сингапурнинг ҳам ҳукумат даражасидаги, ҳам ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларига тааллуқли. Бу эса ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай имкониятдир.

Сингапур ҳукумати, дунёнинг бошқа мамлакатлари сингари Covid-19 тарқалишига қарши курашиш учун барча имкониятларни ишга солаётгани таъкидланди. Пандемия иш жойларини сақлаб қолиш ва яратишга ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга салбий таъсир кўрсатганлиги қайд этилди.

Суҳбатдош Сингапур турли соҳалардаги, айниқса, коррупцияни йўқ қилиш, фаолияти фуқаролик жамияти билан яқин ҳамкорликка асосланган ошкора рақамли ҳукуматни шакллантириш бўйича бой тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар, шунингдек, таълим ва молия соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди. Фонд ва қимматли қоғозлар бозори, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, халқаро фундаментализм ва экстремизмга қарши курашиш масалалари ҳам муҳокама этилди.