Тадбирда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Эрон томонига эса иқтисодий масалалар бўйича вице-президент Муҳсин Ризоий Мирҳаёт бошчилик қилди.
Делегациялар раҳбарлари ўз чиқишларида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш учун фойдаланилмаган улкан салоҳият, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли ишбилармонлик муносабатларни йўлга қўйиш учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидладилар. Улар орасида Ўзбекистонда хорижий бизнесни қўллаб-қувватлаш, хорижий капитални ҳимоя қилиш, ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестициявий салоҳиятини ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек, инвестициявий муҳитни юксалтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам бор.
Тадбирда икки мамлакат иқтисодиётлари ўзаро манфаатли тарзда бир-бирини тўлдириб тургани ва бу билан тўқимачилик, кимё, фармацевтика, электротехника, биотиббиёт, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги таъкидланди. Ҳозирги кунга келиб паррандачилик, балиқчилик, озиқ-овқат саноати ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Сўнгги 5 йил ичида эса, Ўзбекистонда Эрон капитали иштирокидаги корхоналар сони 4 баравар кўпайди.
Тадбир дастури доирасида инвестицияларни жалб қилишнинг энг истиқболли йўналишлари ҳамда устувор тармоқларда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва тайёр лойиҳа таклифлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.
Форум икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг «B2B» форматидаги учрашувларига ҳам бой бўлди. Улар давомида Ўзбекистонда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўзаро манфаатли аниқ келишувларга эришиш мақсадида форум иштирокчиларини яқин ва самарали ҳамкорликка чақирдилар. Форум якунлари бўйича Эрон ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида қиймати қарийб 200 миллион долларлик қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.