Учрашув давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида инвестициявий, саноат ва савдо ҳамкорлиги соҳаларида ўзаро манфаатли муносабатларни чуқурлаштиришда сезиларли ютуқларга эришиш имконини бериши мумкин бўлган масалалар ечими атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон-Эрон савдо айланмаси ҳажмини кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолашга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар ўрганилди, натижада ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди ва келишиб олинди. Томонлар икки мамлакат бозорларида харидоргир озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятларни қайд этиб, ўзаро савдо салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги тўғрисида якдил фикрга келдилар. Шунингдек, икки мамлакат божхона органлари ўртасида иккала давлат бўйлаб товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати бўйича электрон ахборот алмашинуви тўғрисидаги Ўзаро англашув меморандуми имзоланишини жадаллаштиришга келишилди.

Томонлар саноат соҳасига алоҳида урғу берган ҳолда инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Музокаралар иштирокчилари Эрон компанияларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш борасида орттирган муваффақиятли тажрибасини қайд этиб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар. Шу ўринда 21 февралда Теҳрон шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Эрон бизнес-форумининг долзарблиги таъкидланди. Тадбирда қатнашадиган икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини бевосита форум доирасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва аниқ келишувларга эришишга фаол жалб қилишга ўзаро тайёрлик билдирилди.

Шунингдек, учрашувда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг бошқа масалалари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши кун тартибидаги масалалар муҳокама қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.