Онлайн-учрашувда Швейцария, Швеция, Португалия, Бельгия, Хорватия, Испания, Россия, Грузия каби давлатларнинг меҳнат вазирлари, ишчилар ва иш берувчилар ташкилотлари раҳбарлари Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов иштирок этди.

«Ҳамма кутилмаган ва мисли кўрилмаган вазиятга тушиб қолди. Бу миллионлаб одамларнинг ҳаёти ва тақдирига жавобгар бўлган ҳукуматлар, ижтимоий шериклар ва халқаро ташкилотлар учун мураккаб ва ўзига хос чақириқдир», – деди Халқаро Меҳнат Бюросининг Европа ва Марказий Осиё минтақавий директори Хайнц Коллер.

Мунозаралари чоғида минтақа давлатларининг вакиллари пандемия даврида ҳар бир мамлакатнинг меҳнат бозорини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон тажрибасини тақдим этар экан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов саммит иштирокчиларига Президент Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида ҳукумат томонидан аҳоли бандлигини рағбатлантириш, ишчиларнинг иш ўринлари ва даромадларини сақлаб қолиш, иш жойларида хавфсизлик ва меҳнат гигиенасини таъминлаш, камситиш ва ижтимоий изоляциялашни бартараф этиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли инқирозга қарши чоралар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Муҳокамаларини якунлар экан, Х.Коллер 2008-2009 йиллардаги молиявий инқироздан фарқли ўлароқ, бугунги кунда ҳукуматлар барчага муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш учун тегишли сармояларни ажратишга тайёр эканлигини таъкидлади.

«Ушбу мураккаб даврда ХМТнинг юз йиллик декларацияси ва 2030 Кун тартиби биз учун энг муҳим мақсад бўлиб қолмоқда. Бу, биринчи навбатда, корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва меҳнат соҳасида ишчиларни ҳимоя қилишдир», – дея хулоса қилди Минтақавий директор.

Келгуси ҳафта Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Глобал Саммитидаги мунозаралар олий даражадаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро институтлар ва ташкилотлар вакиллари даражасида давом эттирилади.