Германия DPA ахборот агентлигининг май ойидаги ахборотига кўра, 2022-йил охирига келиб Германияни тарк этиши шарт бўлган 253 нафар ўзбекистонлик ҳамон мамлакатда истиқомат қилмоқда, бу бир йил аввалгидан 189 нафарга кўп.
Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги ушбу саъй-ҳаракатлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга, ноқонуний миграцияни бартараф этишга қаратилган.
Ушбу келишувнинг асосий мақсадлардан бири ноқонуний мигрантларнинг ўз ватанларига тезда қайтишига кўмаклашишдир. Бу чора виза режимини соддалаштириш, шу орқали ўзбекистонлик ишчилар ва талабаларнинг Германия визаларини олиш жараёнини тезлаштириш воситаси сифатида кўрилмоқда.
Германия ҳукумати Ўзбекистон фуқароларини Германияда ўқитиш ва ишга жойлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар орқали меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, Германия ҳукумати Ўзбекистондан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги малакали ишчиларни жалб қилишга қизиқиш билдирмоқда.
Норасмий хабарларга кўра Германия ҳукумати, Президент Мирзиёев ташрифидан сўнг ўзининг Тошкентдаги элчихонасида виза масалалари билан шуғулланадиган консулларнинг сонини оширишга қарор қилган. Бу эса томонларнинг юқори даражадаги келишувлари амалий натижа бераётганидан дарак беради.
Умуман олганда, ушбу муаммони биргаликда ҳал қилиш орқали ҳар икки давлат янада тартибга солинадиган ва шаффоф миграция жараёнидан фойда олиши мумкин.