Учрашувдан мақсад республикамизнинг хорижий давлатлар билан таълим соҳасидаги алоқаларини ривожлантириш, ёшларимизни дунёнинг етакчи таълим муассасаларида билим олишига имкон яратиш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кенгайтиришдан иборат.

Лал Баҳодур Шастри номидаги менежмент институтига 1995 йилда асос солинган бўлиб, менежмент, молия менежменти, бизнес бошқаруви каби йўналишларда магистратура босқичи таълими сиртқи ва кундузги шаклда олиб борилади. Бундан ташқари институтда қатор соҳалар, шу жумладан ахборот коммуникация технологияларининг кўплаб йўналишларида қисқа муддатли курслар ташкил этилган.

Мамлакатимиз элчиси институт фаолияти билан яқиндан танишиб, у ерда талабаларга назарий ва амалий билим бериш жараёни учун яратилган замонавий шарт шароитларни кўздан кечирди.

Учрашувда ўзбекистонлик ёшлар учун мазкур институтда ахборот коммуникация технологиялари, сунъий интеллект, замонавий дастурлаш тиллари ва бошқа йўналишларда малака ошириш курсларини ташкил этишга келишилди.

Лал Баҳодур Шастри номидаги менежмент институти раҳбарияти Ўзбекистонда давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасида фаолият олиб бораётган таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА.