Малайзия Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи давлат бўлиб, Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ҳисобланади. Малайзия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олди ва дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу йил мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонламоқда.

Айтиш лозимки, муштарак анъаналар ва қадриятлар мамлакатларимизни дўстона алоқаларини бирлаштириб туради. Хусусан, икки томонлама сиёсий, иқтисодий, савдо-инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар муваффақиятли ривожланмоқда.

2017 йилда Малайзия фуқаролари учун виза талаби бекор қилинганидан кейин мамлакатимизга малайзиялик сайёҳлар сони кескин ошган. Пандемиягача Ўзбекистонга 3500 дан ортиқ Малайзия фуқароси, Малайзияга эса Ўзбекистондан ҳар йили 12 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Пойтахтимизда “Осмон Аэро” сайёҳлик компанияси томонидан Малайзияга чартер авиарейсларини ташкил этилиши бўйича тақдимот маросими ўтказилди. Унда иштирок этган Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан бу саъй-ҳаракат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Малайзия мусулмонлар учун қулайлик даражаси бўйича жахон туризм рейтингида етакчи ўринларни эгаллайди. 2022 йилги Глобал Муслим Травел Индекс рейтингида Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари орасида Малайзия биринчи ўринни эгаллади. Сўнгги вақтларда соҳада сезиларли ютуқларга эришаётган Ўзбекистон рейтингдаги мавқеини яхшилаб, дунёда тўққизинчи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари мамлакатлари орасида Миср, Уммон, Қувайт, Марокаш, Ливан каби давлатларни ортда қолдириб, олтинчи ўринни эгаллади.

Тақдимотда “Осмон Аэро” сайёҳлик компанияси томонидан чартер авиарейслар 9 июлдан бошлаб хар 10 кунда бир маротаба Тошкент-Куала-Лумпур-Тошкент йўналишида амалга оширилиши маълум қилинди.

Абдувоҳид ОЧИЛОВ