2024 йилнинг 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўмон ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Ўмон бой тарихий ва маданий мерос билан боғланганлиги, фаровон тараққиёт йўлида муштарак қарашларга эга эканлиги қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Ўмон ташқи ишлар вазирликлари кенгайиб бораётган икки томонлама ҳамкорликни янада бойитиш йўлида устувор йўналишларни, жумладан, савдо ва иқтисодиёт, «яшил» энергетика, ўзаро боғлиқлик, кадрлар салоҳиятини ошириш, халқ дипломатиясини илгари суриш масалалари ҳамда минтақавий ва глобал кун тартиби муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди.