Мулоқотда икки давлатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва таълим муассасалари, шунингдек, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Ўз чиқишларида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари икки давлат раҳбарларининг самимий ва ишончли муносабатлари туфайли мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ҳамкорлик тез суръатларда, изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Шу кунгача эришилган келишувларни амалда татбиқ этишдаги муваффақиятлар қайд этилди. Хусусан, февраль ойида Тошкентда биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон ҳудудлараро форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди ва бу ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш учун замин яратди.

Биргина 2022 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,5 баробар, жорий йил бошидан буён эса бу кўрсаткич 16 фоизга ошди. Жумладан, Озарбайжонга тўқимачилик маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми 2,6 баробар, механик ускуналар етказиб бериш 19,7 фоиз, шиша ва шиша буюмлар етказиб бериш 76 фоизга ошди. Шу нуқтаи назардан, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш учун икки мамлакат иқтисодиётлари етарли салоҳиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.

Саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича биргаликда иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони 4 баробар ошди. Икки йил ичида 40 га яқин корхона ишга тушди. Ўз навбатида, Озарбайжонда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 70 дан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритиб келяпти.

Учрашувда энергетика ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлараро, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Тадбир якунлари бўйича Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12-йиғилиши баённомаси ҳамда ҲК доирасида эришилган келишувларни мустаҳкамловчи бошқа бир қатор ҳужжатлар имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.