Учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика соҳаларида Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси юзасидан келишишни жадаллаштириш тадбирлари муҳокама қилинди.

Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи чоғида (15-16 июль 2021 йил) имзоланган Транзит ва савдо тўғрисидаги битим шартларини амалда жорий этиш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди.

«Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар муҳокама этилди.

Покистон ишбилармон делегацияларининг саноат кооперациясини чуқурлаштириш мақсадида Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этишга келишилди.

Учрашув якунида томонлар кўриб чиқилган муносабатларнинг барча соҳаларида фаол ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Покистон делегациясининг ташрифи давомида, шунингдек, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Марказий Банк, Давлат божхона қўмитаси, бошқа вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарияти билан қўшимча учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.