Учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг, шу жумладан, парламентлараро алоқалар орқали ривожлантиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Польша Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкори экани, мамлакатимиз билан яқин дўстона алоқалар ўрнатилгани таъкидланди.
Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришдан икки томон манфаатдорлиги билдирилди.
Польша парламенти аъзолари «ЕИ – Ўзбекистон ва «ЕИ – Марказий Осиё» ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдаги ижобий тенденциялар ва янги келишувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш истиқболларига алоҳида тўхталди, Ўзбекистон ҳудудларида Польша компаниялари иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Ўз навбатида П.Бейда турли даражадаги икки томонлама келишувларни амалда рўёбга чиқаришга ҳар томонлама кўмаклашиш, қонун ижодкорлиги фаолиятида тажриба алмашиш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга қаратилган парламент делегацияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, икки мамлакат парламентлари палаталари ўртасидаги дўстлик гуруҳлари ва ихтисослаштирилган қўмиталар форматида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Шунингдек, музокаралар давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Польшанинг етакчи олий ўқув юртлари ўртасида узоқ муддатли алоқалар ўрнатилган.
Хусусан, Ўзбекистон Миллий университети Варшава университети билан, Тошкент давлат аграр университети Варшава қишлоқ хўжалиги университети билан, Тошкент тиббиёт академияси Польша тиббиёт академияси билан, Банк-молия академияси Варшава банк институти билан ҳамкорлик қилади.
Польша парламенти аъзолари бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.