Учрашувда ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки томонлама муносабатларни кенгайтириш ва тузилган битимлар ижросини таъминлаш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга ўзаро тайёрлик билдирилди.
Томонлар иқтисодий шерикликни янада кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этиб, аввало саноат кооперацияси лойиҳалари ва савдо шартномаларини назарда тутган ҳолда янги келишувларга эришиш мақсадида вазирлик ва идоралар ишчи гуруҳларининг ўзаро ташрифларини ташкил қилишга келишиб олдилар. Шу нуқтаи назардан, қўшма истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва рағбатлантиришнинг самарали воситаси сифатида 2021 йилда ташкил этилган Ўзбек-Қирғиз тараққиёт жамғармасининг аҳамияти қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари икки томонлама ҳамкорлик кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилгандан сўнг икки давлатнинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирокидаги кенгайтирилган таркибдаги музокараларга ўтдилар. Унда саноат, маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, транспорт ва транзит, божхона тартиб-таомиллари, таълим ва маданият соҳаларидаги масалалар ҳар томонлама кўриб чиқилди.
Гидроэнергетика, инфратузилма ва транспорт соҳасидаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишнинг амалий жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди ва келишиб олинди. Ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилди ва ушбу лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича биргаликдаги ишларни фаоллаштириш тўғрисида якдил қарорга келинди.
Учрашув якунида юзага келаётган барча муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича муносабатларни чуқурлаштиришга ўзаро содиқлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.