Мазкур Шартнома Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 декабрда Қозоғистон Республикасига қилган давлат ташрифи чоғида имзоланганлиги қайд этилиб, Шартномани ратификация қилиш орқали унинг кучга кириши маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантириб, икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлигини янада яхшилаш мумкинлиги таъкидланди.

Ушбу Шартнома билан Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ имкони берилади.

Ҳужжатга кўра, маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонлар мурожаатлари асосида топширилади.

Муҳокама давомида маҳкумлар жазони ўз юртида ўташи уларга яқин қариндошлари билан мунтазам кўришиш имконини бериши оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатиб, маҳкумларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам бериши қайд этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Сенаторларнинг таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар мазкур Қонунни маъқуллади.