Азалий қардош ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши ҳамда бугуни, орзу-ниятлари ҳамда интилишлари муштарак экани, нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги балки, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларни ҳал этишда саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда муҳим роль ўйнаётгани алоҳида таъкидланди.

Президентларимизнинг ўзаро ишонч ва мустаҳкам сиёсий иродаси туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган муносабатлар юксак даражага кўтарилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлигига эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошгани, биргина жорий йил январь-август ойларида савдо айланмаси 2,8 миллиард долларга етгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, мулоқот давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчи корхоналари ўртасида кооперация лойиҳалари амалга оширилаётгани, савдо ҳажмини 10 миллиард долларга ошириш учун барча асослар мавжуд эканлиги таъкидланди.

Шу билан бирга парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни амалий мазмун билан бойитиш музокараларнинг асосини ташкил этди.

Хусусан, парламентлараро ҳамкорлик Кенгаши ишини фаоллаштириш икки томонлама келишувларнинг амалда бажарилишини таъминлашига ишонч билдирилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик Марказий Осиё тараққиётининг драйвери экани, парламентлараро тузилмалар доирасида иш олиб борилиши минтақамиздаги қўшниларнинг ҳам ҳамжиҳатлигига хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Суҳбат чоғида Парламентлараро ҳамкорлик Кенгаши, шунингдек, Қозоғистон парламенти Мажилиси билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи доирасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги йўналишида ўзаро тажриба алмашиш, ёш парламент аъзолари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш таклифи билдирилди.

Учрашув якунида давлатларимиз ўртасида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш, уларни ҳал этиш учун қонунчиликда зарур механизм яратишга келишиб олинди.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов Олий Мажлис Сенатининг фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.