Суҳбат аввалида Т.Нарбаева М.Ашимбаевни Остона шаҳрида ўтказилган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг навбатдаги VII қурултойи муваффақиятли ўтгани билан табриклади.

Мулоқот чоғида сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончга асосланган муносабатлари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон-Қозоғистон қардошлик ришталари ривожида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилгани алоҳида қайд этилди.

Икки мамлакат парламенти раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.

Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбат сўнггида мамлакатларимиз ўртасида эришилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламентлар имкониятларини тўлиқ ишга солишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати