Учрашувда Ўзбекистон энергетика компанияларининг ишлаб чиқариш ва молиявий жараёнларини рақамлаштириш ҳамкорликнинг янги ва муҳим йўналишларидан бири, шунингдек энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.

Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон гидроэнергетика соҳасида РФ Ташқи иқтисодий банки молиявий қўмагида 5 та лойиҳа амалга ошириляпти. Янги мини ГEС (Дарғом каналида ва Қуйичотқол ГEС таркибида)лар, амалдаги Фарҳод ва Тўпаланг ГEСларнинг модернизацияси шулар жумласидан. Гидроэнергетика соҳасидаги яна бир қатор лойиҳалар бўйича ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокамада.

Икки мамлакатнинг нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорлиги узоқ йиллик тарих ва муҳим истиқболларга эга. «ЛУКОЙЛ» компанияси томонидан икки МТБ (маҳсулот тақсимотига доир битим) доирасида «Қандим» ва «Ҳисор» конларида 2004-2020 йилларда 84,4 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинди. Мазкур лойиҳалар бўйича ўзлаштирилган инвестициялар миқдори 7,4 миллиард доллардан ошди.

«Газпром» компанияси билан «Шоҳпахта» ва «Жел» конларида қазиш ишлари олиб бориляпти. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, «Шоҳпахта» конидан 4,53 миллиард куб метр табиий газ қазиб олинган. Бундан ташқари, «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони бўйича МТБни амалга ошириш доирасида ҳам салмоқли ишлар амалга ошириляпти.

«ЛУКОЙЛ» ОАЖ билан ҳамкорликда геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича ҚК ташкил қилиш жараёни давом этяпти. Ҳозирги вақтда потенциал сармоявий блоклар кўриб чиқиляпти, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.