Мулоқот чоғида инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳасида Ўзбекистон – Россия ҳамкорлиги, қатор истиқболли инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилиши ҳамда қўшма тадбирларга тайёргарликнинг жорий ҳолати билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида томонлар фармацевтика, металлургия, машинасозлик, авиасозлик ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида истиқболли лойиҳаларни шакллантиришга катта эътибор қаратдилар. Шу билан бирга, улар кун тартибидаги икки тарафлама масалаларни муҳокама қилди ҳамда икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва хусусий сектор компаниялари даражасида ҳамкорликни ривожлантиришга оид навбатдаги тадбирларни белгилаб олди.
Ўзбекистон ва Россия корхоналари ўртасида, жумладан, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ва ҳудудий маъмуриятлари делегацияларининг Россия Федерацияси ҳудудларига режалаштирилган ташрифлари чоғида икки томонлама янги инвестиция ва савдо битимларини биргаликда ишлаб чиқишни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ташкил этилган Лойиҳа офиси доирасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
5,8 миллиард долларлик 104 та лойиҳани ўз ичига олган Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ҳаётга татбиқ этишда биргаликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Томонлар, шунингдек, илгари маъқулланган Амалиёт ва ўқув дастури асосида Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлигида тармоқлар саноатини ривожлантириш соҳаси бўйича Ўзбекистон давлат хизматчилари малака оширишларини жадаллаштиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Бундан ташқари, Минтақалараро ҳамкорликнинг II Форуми, «ХХЮК» Бутунроссия кўргазма маркази ҳудудидаги 66-павильонда Ўзбекистон Республикаси кўргазма-маданий марказининг очилиши, Москва шаҳрида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» маҳсулотлар Миллий кўргазмаси, шунингдек, Медиа Форуми ва Таълим Форуми каби қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар белгиланган муддатларда аниқ натижаларга эришиш мақсадида ўзаро манфаатлар кесишаётган барча соҳаларда фаол ва тизимли иш олиб боришга содиқлик билдирдилар.