Абдулазиз Камилов ўз мактубида Россия Ўзбекистоннинг муҳим стратегик ҳамкори ва иттифоқчиси эканини қайд этади. Мамлакатларимиз ўртасида икки ва кўп томонлама асосда конструктив самарали мулоқот ўрнатилди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳити шаклланди.
«Кейинги йилларда парламент, савдо-иқтисодий, транспорт, агросаноат ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик кўлами салмоқли даражада кенгайди. Устувор йўналишлар бўйича йирик қўшма лойиҳалар ва дастурлар муваффақиятли тарзда ҳаётга татбиқ этилмоқда», дейди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Ўзбекистон ва Россия стратегик шериклик салоҳиятини самарали амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бундан кейин ҳам давом эттирилиб, бу икки мамлакат фаровонлиги ва Марказий Осиё минтақаси манфаатларига хизмат қилиши таъкидланади.
Ўз навбатида, Сергей Лавров ўтган йиллар давомида Ўзбекистон-Россия муносабатлари сиёсий алоқалар жадаллиги, парламентлараро ва идоралараро ҳамкорликнинг суръатлари, халқаро майдондаги мулоқот, ҳудудлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини эътироф этади.
Россия томонининг иттифоқчилик тамойиллари асосида бир-бирининг манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш руҳида, икки мамлакат халқлари фаровонлиги, Марказий Осиё ва бутун Евроосиё маконида барқарорлик ва изчил тараққиёт йўлида Ўзбекистон билан мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни давом эттиришга тайёр эканлиги қайд этилади.