Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Словения томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлиги ва икки томонлама шерикликни фаоллаштиришнинг стратегик аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, бир кун аввал имзоланган Ўзбекистон ва Словения ўртасида иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг муҳимлиги ҳамда ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб қолиши алоҳида таъкидланди.

Бошқа ижобий омиллар қаторида Ўзбекистон томонидан Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизими бенефициар мақомидан фаол фойдаланилаётгани сабабли 2022 йилда 40 фоизга ошган ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўсишининг ижобий динамикаси ҳақида фикр алмашилди. Томонлар ушбу мақомни узайтириш доирасида чора-тадбирлар кўриш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича ўзбек экспортёрларига зарур ёрдам кўрсатиш орқали ушбу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар.

Доимий равишда қўшма бизнес-форумлари ва «Ўзбекистон ва Словенияда ишлаб чиқарилган» кўргазмаларини ўтказиш орқали инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди. Шу нуқтаи назардан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, инфратузилма қурилиши ва IT-технологиялари соҳалари қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг энг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Словения делегацияси раҳбари икки давлат пойтахтлари ўртасида чартер ва мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни таклиф этди. Томонлар ушбу йўналишдаги кейинги амалий қадамларни муҳокама қилиш учун авиация идоралари ўртасида онлайн маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.