Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Жорий йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ва ТДТ иқтисодиёт ва савдо вазирларининг 11-йиғилишини назарда тутган ҳолда Кенгаш доирасидаги йирик тадбирларни тайёрлаш масалалари муҳокама этилди.

Ташкилот доирасида савдо, инвестициявий ва молия соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни имзолаш жараёнини тезлаштиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

«Туркий давлатларнинг савдо ҳамкорлиги илмий-тадқиқот маркази» ва «Муҳандислик ва технологиялар маркази»ни ташкил этиш ташаббусларини амалга ошириш бўйича аниқ тадбирлар белгиланди. ТДТ давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ушбу ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.