Учрашув аввалида уюшма раҳбарияти томонидан Туркия компаниясига мамлакатимизнинг чарм-поябзал ва мўйначилик соҳасидаги ишлаб чиқариш имкониятлари, инвестицион ва экспорт салоҳияти хақида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар учун давлат томонидан берилган имтиёз ва яратилган шароитлар ҳақида ахборот берилди.
Ўз навбатида «O’zlu Ayakkabi» компанияси бош директори Ўзбекистоннинг чарм-поябзал ва мўйначилик соҳаларида ўсиш динамикаси кузатилаётгани, шу боис турк компаниялари Ўзбекистонга ўз сармояларини киритишга катта қизиқиш билдираётганини маълум қилди.
Маълумот учун «O’zlu Ayakkabi» компанияси 1982 йилда ROBERTO LENZI номи остида табиий чармдан поябзал ишлаб чиқаришни бошлаган. Айни вақтда компания Италия, Россия, АҚШ, Германия, Англия, Руминия, Болгария, Украина, Қувайт, Япониядаги халқаро компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келади. Roberto Lenzi жамоаси қулай ва юқори сифатли поябзалларни лойиҳалашда 30 йиллик тажрибага эга. Roberto Lenzi House хомашёдан тортиб то тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни амалга оширади.
Мулоқот давомида турк компанияси Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва янги корхона очиш ташаббусини билдирди. Шу мақсадда республикамиз худудларида жойлашган ишлаб чиқариш қувватлари билан яқиндан танишиш истагида эканлигини билдирди. Бундан ташқари аутсорсинг асосида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида икки томонлама ҳамкорликнинг келгуси истиқболларига оид масалалар атрофлича муҳокама этилди, деб хабар беради «Ўзбекчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.