Мамлакатлар ўртасидаги узоқ йиллик ҳарбий ва стратегик муносабатлар Анқарада имзоланган мазкур янги келишувлар билан янада мустаҳкамланди.
Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Шухрат Халмухамедовни Миллий мудофаа вазирлигида расман кутиб олди. Яккама-якка ва делегациялар даражасидаги учрашувларда минтақавий хавфсизлик ва мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувдан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий салоҳият ва мувофиқлаштириш масалаларига қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Расмий маросимдан сўнг Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер Ўзбекистон билан мудофаа соҳасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилаётганини таъкидлади. Генерал-лейтенант Шухрат Халмухамедов ҳамкасбининг ушбу сўзларини тасдиқлар экан, Туркиянинг мудофаа саноати ва ҳарбий тайёргарлик тажрибаси Ўзбекистон армиясини модернизация қилиш, ҳарбий салоҳиятни ҳар жиҳатдан янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини қайд этди.
Хусусан, 2026 йилги ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириш режасида мамлакатлар ҳарбий бўлинмаларининг қўшма машқлари, кадрлар малака алмашинуви ва техник ҳамкорлик босқичлари ўрин олган. Ҳарбий тиббиёт йўналишидаги келишувлар амалиёти эса икки мамлакат армиялари ўртасида ҳарбий шифокорларнинг малакасини ошириш, ҳарбий госпиталь бошқаруви ва ҳарбий-тиббий технологияларни ўрганиш, тажриба алмашиш ҳамда турли даражадаги тренингларни ўз ичига олади.