Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида туркиялик ҳамкасбига кўрсатилган меҳмондўстлик ва кенгаш доирасидаги самарали музокаралар учун самимий миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда Туркия барча соҳаларда улкан ютуқларга эришаётгани ва нафақат мусулмон дунёсида, балки глобал миқёсда ҳам ҳақли равишда юксак ҳурмат-эътибор қозонгани алоҳида таъкидланди.
Кейинги йилларда Ўзбекистон – Туркия дўстлик ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўтган йили ўзаро савдо ҳажми 3 миллиард доллардан, қўшма корхоналарнинг сони эса 2,2 мингтадан ошди, ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 10 миллиард долларни ташкил этди.
Икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 100 га яқин авиақатнов амалга оширилмоқда. Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида 9 миллиард долларлик лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Кенгаш йиғилишларини мунтазам равишда ўтказиш, Ҳукуматлараро комиссия ва Стратегик режалаштириш гуруҳи механизмларидан самарали фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиёти давом эттирилади.
Етакчилар савдо ҳажмини, шу жумладан Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар турини кенгайтириш, устувор иқтисодий тармоқларда саноат кооперациясини мустаҳкамлаш орқали 5 миллиард долларга етказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, маданий ва гуманитар алмашинувларни янада кенгайтиришга, хусусан, биргаликда театр ва кино ҳафталиклари, бадиий кўргазмаларни ўтказиш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Кенгаш йиғилиши якунларидан келиб чиқиб, икки мамлакат ҳукуматлари томонидан эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши таъкидланди.