Икки мамлакат ишбилармон доираларини жалб қилган ҳолда саноат кооперацияси соҳасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида эътибор марказда бўлди. Венгрия томонига амалга ошириш учун ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон томонидан ташаббускорлар аниқланиб бўлинган қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, фармацевтика, кимё саноати соҳасидаги 40 та истиқболли лойиҳалар рўйхати кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Венгриялик ҳамкасблар ушбу лойиҳаларни ўрганишни дарҳол бошлашга, шунингдек, Венгрия тадбиркорлари орасида бўлажак шерикларни излашга тайёрлигини билдирдилар.
Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида 2019 йил якунлари бўйча эришилган савдо айланмасининг сезиларли ўсиши ҳамда 2020 йилда ўзаро савдода кузатилган ижобий тенденциялари қайд этилди. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги товар айланмасини янада ошириш истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар ва бу борада аниқ қадамларни, жумладан, қўшма савдо уйини очиш ва Будапешт шаҳрида Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг кўргазмасини ташкил этишни белгилаб олдилар.
Музокаралар давомида илм-фан ва таълим соҳасида ўзаро алоқаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Венгриянинг Дебретсен университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида ишлаб чиқилаётган битим алоҳида аҳамиятга эгадир. Унинг имзоланиши дипломларни икки томонлама тан олиш амалиётини жорий этишга имкон беради. Шунингдек, Венгрия ва Ўзбекистонда қўшма факультетларни очиш учун имкониятлар яратади.
Келгусидаги ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиш учун Венгриянинг Дебретсен университети раҳбариятининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.
Видеоконференция доирасида томонлар ҳудудлараро шериклик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Жумладан, Венгриянинг Веспрем вилояти ва Ўзбекистоннинг Навоий вилояти, шунингдек, Пештен ва Тошкент вилоятлари ўртасида ўзаро биродарлик муносабатларни ўрнатиш учун шарт-шароитлар кўриб чиқилди, деб хабар беради «Дунё» АА.