Нафақат стратегик шерик давлатлар сифатида икки томонлама муносабатлар, балки «Бир белбоғ бир йўл» ташаббуси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ҳам кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Хитой «Бир белбоғ бир йўл» ташаббусининг Марказий Осиёга тегишли бўлган «Ипак йўли иқтисодий белбоғи» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини изчил давом эттирмоқда.

2017 йилнинг 12 майида Ш.Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи ўзаро ҳамкорликнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди. Мазкур ташриф давомида икки давлат раҳбарлари томонидан ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот, шунингдек, турли даражадаги 100 дан зиёд ҳужжат имзоланди.

2018 йилдаги ташриф давомида Ш.Мирзиёев Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Синдао шаҳрида ўтказилган ўн саккизинчи мажлисида сўзлаган нутқида муҳим ва долзарб таклифларни илгари сурди. Жумладан, аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперацияни кучайтиришга аҳамият қаратилди. Томонларга ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш имконияти берилди.

Инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсад қилиб олинди. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари кенгайди. Мазкур таклифлар доирасида бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар билан биргаликда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Умуман, Ўзбекистон ва Хитой ҳукумати, вазирлик ва идоралари, қолаверса, тадқиқодчи олимлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Хитойлик олимлар Ўзбекистоннинг замонавий сиёсатини ва иқтисодий тараққиётини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Айниқса, Президент Ш.Мирзиёевнинг сиёсий фаолиятига ва олиб бораётган ислоҳотларига катта қизиқиш билан кузатмоқда. Масалан, 2019 йил декабрь ойида Хитой халқаро муаммолар академиясида «Президент Шавкат Мирзиёев — Ўзбекистондаги ислоҳотлар даврининг меъмори» номли китоби чоп этилган. Асарда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши ва келажаги юзасидан стратегик қарашлари, давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё минтақаси, ШҲТ ва Евроосиё ҳудудида хавфсизлик ва тараққиёт таъминланишида тутаётган фаол ўрни ўз ифодасини топган. Ўзбекистон тараққиётининг ўсувчанлиги, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида тарихан қисқа даврда амалга оширилган изчил ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар хитойлик китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

Маданий-маърифий, фан ва таълим соҳаларида икки мамлакат ўртасида кўплаб тадбирлар ва самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2016 йили Хитой ҳукумат раҳбари Си Цзинпин Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Бухорога ташриф буюрди ва у ердаги маданий ёдгорликлар билан танишди.

Шундан сўнг, томонлар ўртасида икки мамлакатнинг ижтимоий гуманитар ва маданий алоқалари бўйича ҳамкорликни янада кучайтиришга қарор қилинди. Бухоро ва Хитойнинг Луо Янг шаҳри ўртоқлик шаҳарлари деб эълон қилинди. Қолаверса, Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Циан шаҳарлари ҳам ўртоқлик шаҳарлари келишуви асосида турли соҳаларда ҳамкорлик олиб бормоқда.

Хитой ва Ўзбекистонда мамлакат маданияти кунлари, кўргазмалар, концертлар, кино фестиваллари мунтазам ўтказиб турилади. Жумладан, 2019 йилнинг 24-27 декабрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида «Ипак йўли гавҳарига саёҳат» мавзусида Ўзбекистон маданияти куни ўтказилди. Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилоят бўлимининг «Бухоро мавжлари» ва «Бухоро гўзаллари» ансамбллари ўзларининг мазмунли дастурлари билан иштирок этди.

Хитойлик санъат вакилларининг Ўзбекистон маданияти ва санъатига қизиқишларини жуда кўп тадбирлар орқали кузатиш мумкин. Масалан, Ўзбек маданияти намояндасига Хитойда ўрнатилган илк ҳайкал 2003 йилда Хитойнинг Чанчун шаҳрида ўтган 6-жаҳон ҳайкалтарошлари форуми доирасида буюк рассом, миниатюрачи Камолиддин Беҳзод ҳайкалидир.

2017 йилда Шанхай университетида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди. Хитойнинг бир қатор йирик шаҳарларида «Ўзбекистоннинг таниқли рассомлари асарлари» бадиий кўргазмалари ташкил этилди.

Номоддий маданий ёдгорликларни, тарихий обидаларни сақлаб қолиш ва таъмирлаш бўйича ҳам Хитой ва Ўзбекистон олимлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

2018 йилда Тошкентда «Бир белбоғ бир йўл» маданий ёдгорликларни асраш техникаси халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон, Хитой, Қозоқистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия олимлари ўзаро ҳамкорликда давра суҳбати ўтказдилар. Конференцияда Хива шаҳрининг тарихий обидаларини асрашга олимлар томонидан катта эътибор қаратилди.
Таълим соҳасида давлатлар ва идоралараро, жумладан, ўзбек ва хитой тилларини ўрганиш доирасида талаба ва тадқиқотчилар алмашиш тобора кўпаймоқда.Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Самарқанда чет тиллари университетлари қошида Конфуций номидаги институтлар очилди. Унда ҳар йили 350 дан зиёд тингловчи хитой тилини ўрганади.

Бутун дунёда кенг тарқалиб барча соҳага ўз таъсирини кўрсатаётган СOVID-19 пандемияси Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳам кўплаб тармоқларига ўз таъсирини кўрсатса-да, мамлакатлар бунинг олдини олиш ва ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Марғуба Сиддиқова,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия

университети ўқитувчиси,

Сиёсий фанлари фалсафа доктори (PhD)